Рутан препарати субстанцияси ишлаб чиқарилади


Пресс-релиз

Бугунги кунга қадар, SARS-CoV-2 вируси билан касалланган беморларни даволаш учун самарадор, организмга зарарли таъсир кўрсатмайдиган дори воситалари йўқ ва шу сабабли бундай дори воситаларини яратиш ўта долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Короновирусларнинг хаёт жараёни ва кўпайишида хал қилувчи вазифани вирусининг иккита консерватив оқсиллари - 3CL протеаза ва РНК га боғлиқ - РНК полимераза бажаради.

Бугунги кунда COVID-19 ни даволашда 3CL протеазанинг қуйидаги ингибиторларидан фойдаланилмоқда:

Калетра (Лопинавир+Ритонавир), ОИТВ-1 ва ОИТВ-2 га қарши яратилган. Даволаш дозаси 400 мг/100 мг, бир кунда икки маҳал, 14 кун давомида қабул қилинади. Препаратнинг даволаш курсини баҳоси 2,2 млн сўмни ташкил қилади.

Рибаверин – оғир ўткир респиратор синдроми (SARS) тарқалган вақтда яратилган. Даволаш дозаси 500 мг, кунига 2-3 марта интерферон ёки лопинавир/ритонавир билан 10 кун давомида қабул қилинади. Препаратнинг даволаш курси баҳоси 0,4 млн сўмни ташкил қилади.

Ремсидивир - РНК-га боғлиқ РНК-полимеразанинг ингибитори бўлиб, Эбола вирусини даволаш мақсадида яратилган. Қўлланилиш дозаси вена орқали биринчи куни 200 мг, кейинги 10 кун давомида 100 мг қабул қилинади. Препаратнинг даволаш курси баҳоси 3.5 млн сўмни ташкил қилади.

Фавипиравир (Япония) – аналоги Авифавир (Россия) гриппга қарши яратилган. Қўлланилиш дозаси биринчи куни 1600 мг дан икки маҳал, 2-10 кунлар 800 мг дан 2 маҳал қабул қилинади. Препаратнинг даволаш курси баҳоси 1 млн сўмни ташкил қилади.

Бу препаратлар фақат биргина нишонни ингибирлайди, хамда қатор ножўя таъсирлар мавжуд бўлиб, бемор бир неча ой ўзини нохуш сезади.

ЎзР ФА Биоорганик кимё институти олимлари Хитой Фанлар Академияси олимлари билан хамкорликда, тотум Rhus coriaria (сумах) ўсимлигидан ажратиб олинган Рутан препарати SARS-CoV-2 вирусига қарши ягона самарали дори воситаси бўлиб, у антиоксидантлик ва антигипоксик хусусиятларга эга. У SARS-COV-2 вирусининг 2 та муҳим фермент тизимини ингибирлайди ва натижада, вируснинг хужайрада кўпайиши ва тарқалиши, ҳамда патологик ва яллиғланиш жараёнини чақирувчи оқсиллар ҳосил бўлишини тўхтатади ва касаллларда салбий холат - “цитокинин бўрони”ни олдини олади. Натижада, SARS-CoV-2 вирусига чалинган беморларни тузатиш муддати қисқаради ва бемор ўз холатига тез қайтади.

SARS-COV-2 вирусига қарши қўлланилаётган препаратлар дозасини ўрганиш натижасида Рутанни оғир ва ўртача оғирликдаги беморларни даволашда 0,1 -0,3 г дозани қўллаш кераклигини аниқланди.

ЎзР ССВ Вирусология Институти томонидан «Короновирус инфекцияли беморларни даволаш учун 1 – сонли Зангиота маҳсус шифохонаси” клиник базасида “Рутан таблеткаси, 0,1 г” № 20 препаратининг SARS-COV-2 вирусига қарши рандомезирланган клиник синовларига кўра, Рутан препарати:

  1. Рутан препарати, 103 та короновирус инфекцияси билан касалланган ўртача оғирликда кечаётган беморларда, кайд этилган дозада синалганда, СОVID -19 орқали чақирилган яллиғланиш жараёнининг асосий воситачиси бўлмиш С-реактив оқсили миқдорининг статистик ахамиятли камайиши кузатилди ва бу орқали унинг аниқ яллиғланишга қарши таъсирга эга эканлиги аниқланди. Рутан қабул қилган бирон-бир беморга касаллик давомида оксигенацияга мухтожлик бўлмади.
  2. Рутан препаратини қабул қилган синов гурухи беморларини протокол даволаниш фонида касалликнинг 4-5 куни давомида СОVID -19 вирусига олинган ПЦР тахлил салбий бўлди.

Клиник синов натижаларига кўра, “Рутан таблеткалари, 0,1 г” №20 ўртача оғирликда кечаётган ўпка яллиғланиши 30% бўлган COVID-19 касаллигига, ҳамда гриппнинг барча штаммларига қарши дори воситаси сифатида қўллаш учун рухсат этилди.

Рутан препарати субстанцияси Биоорганик кимё институти томонидан ишлаб чиқарилади, унинг “Рутан таблеткалари, 0,025 г” №20 ва “Рутан таблеткалари, 0,1г” №20 дори шаклларини “CHINA-UZBEKISTAN MEDICINE TECHNICAL PARK” МЧЖ хорижий корхонасида ҳамда “RADIKS” МЧЖ томонидан Республика эҳтиёжини тўла таъминлайдиган миқдорда ишлаб чиқарилади. “Рутан таблеткалари, 0,1 г” №20 билан даволаш курсининг нарҳи 0.1 млн сўм атрофида бўлади.

Шифокорлар ва мутахассислар учун Рутан таъсирининг молекуляр механизми, клиник синовлари ва иммун тизимига таъсири хақидаги батафсил маълумотлар ЎзР ФА Биоорганик кимё институти (www.biochem.uz) ва ЎзР ФА нинг сайтида (www.academy.uz) келтирилган ва сизларни қизиқтирган барча саволларга жавоб беришдан ва уларни мухокама қилишга тайёрмиз ва миннатдор бўламиз.

Муҳим!

Республикада, шунингдек бутун дунёда вирус тарқалиши билан боғлиқ вазият, кўрилган чораларга қарамай ривожланиб бормоқда.

Вирус тарқалишининг асосий манбаи инфекциянинг дастлабки кунларидаги беморлар бўлиб, улар вирусга тест топширмасдан, ўз холатларини шамоллаш ёки грипп деб тахмин қилиши ва шу билан кўпинча ўзлари билмаган ҳолда ўзгаларни ҳам вирус билан зарарлаши ва вирус тарқалиши кенгайишига олиб келадилар.

ПЦР – диагностикани ҳар ким ҳам қила олмайди ва бу жуда қимматга тушишини инобатга олиб, шамоллашми, гриппми – безовталикнинг биринчи куниданоқ “Рутан таблеткалари, 0,1 г” №20 препаратини қўллаш мақсадга мувофиқ бўлиб, у қўлланишнинг биринчи соатидан бошлаб вируснинг кўпайишини тўхтатади ва кейинчалик вируснинг патоген оқсилларини ҳосил бўлишига ва касалликнинг ривожланишига тўсқинлик қилади. Натижада сезиларли асоратларсиз беморнинг тез тикланишни таъминлайди.

Рутан препарати мутлақо хавсиздир, бундан ташқари у самарали антиоксидант ҳисобланиб беморнинг кислород етишмовчилигига чидамлилигини оширади. Бу ўпкаси шикастланган беморларда кузатиладиган кислород етишмовчилиги холатида жуда муҳим ҳисобланади.